• English
  • Русский
  • Ўзбекча
-A +A
“Қимматли Қоғозлар Марказий Депозитарийси” Акциядорлик жамияти

Корхона тарихи

1999й. - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийсини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари тўғрисида”ги 263-сонли Қарори қабул қилинди.

2000й. - Биржа ва уюшган биржадан ташқари савдоларни ўтказишда Қимматли қоғозларнинг Марказий депозитарийси, «Тошкент» Республика фонд биржаси, «Элсис-Клиринг» ҳисоб-клиринг палатаси, «Элсис-Савдо» биржадан ташқари савдоларнинг электрон тизими, «Давинком» ДИФ давлат активларини сотишга ихтисослашган компанияси ва депозитарий-корреспондентлар ўртасида электрон ҳужжат айланмасига ўтилди.

2001й. - Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллиги арафасида Интернет тармоғида Қимматли қоғозларнинг Марказий депозитарийсининг расмий веб-сайти ўз ишини бошлади.

2005й. - Ўзбекистон Республикаси депонентларининг ягона базасини шакллантириш иши якунланди.

2008й. - «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг қонуни кучга кириши билан Марказий депозитарийнинг вазифалари доираси қуйидагилар ҳисобига кенгайди: республика фонд бозорида муомалада бўлган барча корпоратив қимматли қоғозлар эгалари реестрини тўплаш ва шакллантириш вазифасини бажариш, шунингдек илгари қоғоз шаклида чиқарилган қимматли қоғозларни уларни ҳаракатсизлантириш ва келгусида номоддийлаштириш (чиқарилишнинг ҳужжатсиз шаклига ўтказиш) мақсадида сақлашга қабул қилиш.

2009й. - Қимматли қоғозларнинг Марказий депозитарийси ва Россия Федерациясининг МДҲ мамлакатлари бўйича рақамловчи агентлик вазифасини бажарувчи “Миллий ҳисоб депозитарийси” ЁАЖ билан Ўзбекистон Республикаси эмитентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга халқаро кодларни бериш бўйича ахборот ҳамкорлиги шартномаси имзоланди.

15-16 октябрь 2009й. – Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси ташкилотчилигида Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмасининг (ЕМДУ) “Ягона депозитар сатҳ – ЕМДУ иштирокчиларининг самарали ҳамкорлиги” мавзусида VI халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

2011й. - Давлат мулки қўмитаси ва Корея фонд биржаси (KRX) ўртасида Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорини модернизациялаш тўғрисида Бош шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди.

2013й. - Марказий депозитарий мутахассисларининг Корея фонд биржаси мутахассислари билан республика фонд бозори Ягона дастур мажмуининг Марказий депозитарийга тааллуқли модулини ишлаб чиқишга доир бизнес-талабларнинг якуний вариантини тайёрлаш масалалари бўйича навбатдаги ишчи учрашувлари ўтказилди.

2014й. - Қимматли қоғозларнинг Марказий депозитарийси ва Россия Федерациясининг МДҲ мамлакатлари бўйича рақамловчи агентлик вазифасини бажарувчи “Миллий ҳисоб депозитарийси” ЁАЖ ўртасида ўрнатилган ахборот ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси эмитентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга халқаро кодлар берилиши йўлга қўйилди.

2016й. - Ўзбекистон Республикаси Марказий депозитарийси ва  Миллий рақамловчи агентликлар ассоциацияси (АННА) ўртасида уюшманинг Ереван (Арманистон) шаҳрида ўтган йиллик йиғилишида  шериклик келишуви имзоланди.

2016й. - Ўзбекистон Республикаси фонд бозорининг Ягона дастурий-техник мажмуи ишга туширилди.

2017й. - Марказий депозитарий мутахассислари томонидан Корея фонд биржаси мутахассислари билан Ягона дастурий-техник мажмуига йиллик кафолатли хизмат кўрсатиш доирасида дастур ишида жорий юзага келаётган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан ҳамкорлик юритилди. Акциядорлик жамиятлари учун акциядорлик жамияти корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш ва жамиятларга йиллик корпоратив кузатиш каби янги хизматлар жорий этилди.

27-28 сентябрь 2018й. – Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси ташкилотчилигида “Ташқи бозорларга чиқиш: тўсиқлар ва имкониятлар” мавзусида Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмасининг (ЕМДУ) XV халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда Европа ва Осиё қитъасидаги 18 мамлакатдан 100 га яқин мутахассислар қатнашдилар.